Ал-Фаллужа қамалини давом эттираётган Ироқ ҳарбийлари ИШИДнинг худкуш террорчиси ҳужумига дуч келишди. Маълум қилинишича, "Ал-Хашд аш-Шааби" номли кўнгиллилар бўлинмасининг камида 40 нафар аскари террорчи содир этган портлашлар қурбонига айланган.

Бундан олдинроқ, Ироқ ҳукумати вакили Басам ал-Ҳусайни 1 ҳафта ичида Ал-Фаллужа шаҳри ИШИДдан тўла тортиб олинишига ваъда берганди.

Ироқ бош вазири Ҳайдар ал-Ободий 23 май кунига ўтар кечаси Ал-Фаллужа шаҳрини озод этиш учун жанг бошлангани ҳақида маълум қилди. Шаҳар 2014 йили ИШИД томонидан Ироқ ҳудудида босиб олинган илк шаҳар ҳисобланади. Ушбу шаҳар Ироқ пойтахти Бағдод шаҳридан 80 км масофада жойлашган. Бу шаҳарда тайёрланган жангарилар Бағдодда тинимсиз равишда терактлар содир этиб келмоқда.

Ал-Фаллужага ҳужум суръати секинлашувига бу шаҳардаги тахминан 50 минг киши жангарилар қўлида бўлиб, уларнинг ҳаёти хавф остида қолаётгани, жангарилар улардан "жонли қалқон" сифатида фойдаланаётгани сабаб бўлмоқда.

Ироқнинг яна бир йирик шаҳри, ИШИДнинг Ироқдаги пойтахти саналадиган Мўсул ҳам жангарилар қўлида қолмоқда. Мўсулни озод этиш учун Ироқ курдлари лашкарлари, Ироқ армияси бўлинмалари ҳамда шиалардан тузилган "Ал-Хашд аш-Шааби" отрядлари уруш олиб бормоқда.