“Андижон полькаси” мазкур куйнинг муаллифи - андижонлик Ориф гармон номи билан элга танилган бастакор Ориф Тошматовдир. Жаҳоннинг не-не саҳналарида ижро этилиб олқиш олаётган рақсимизга катта эътибор берилаётгани эса таҳсинга лойиқ.

Андижон вилояти ҳокимлиги, маданият ва спорт ишлари бошқармаси ҳамда «Камолот» ЁИҲ бу ўлмас куй ва рақс умрини узайтириш, ёшларни миллий қадриятларга содиқ тарбиялаш мақсадида «Ёшлар ўйнаганда» деб номланган кўрик-танлов ўтказиб, ҳайрли ишни бошлаб берди. Олий ўқув юртлари, лицей, коллежлар ва мактабларда танловнинг биринчи босқичлари ўтказилиб, ғолиблар асосий беллашувга йиғилдилар.

З. М. Бобур номидаги вилоят мусиқали драма ва комедия театрида танловнинг асосий беллашуви бўлиб ўтди.

Натижаларга кўра, Андижон давлат университети «Энг яхши жамоа», Андижон қишлоқ хўжалиги институти жамоаси «Энг яхши йигитлар рақси», халқ таълими бошқармаси дастаси «Энг яхши қизлар рақси» номинацияларига лойиқ топилдилар. Шунингдек, танловда «Энг ёш иштирокчи», «Энг яхши балетмейстер», «Энг яхши либослар» каби номинациялар ғолиблари ҳам аниқланиб, вилоят ҳокимининг фахрий ёрлиғи ҳамда эсдалик совғалари билан тақдирландилар.

Танлов сўнггида вилоят ҳокимининг биринчи ўринбосари Муҳаммаджон Нишонов сўзга чиқиб, танлов иштирокчиларини қутлади.

Тадбир иштирокчилари «Андижон полькаси» куйини яратган санъаткор, Ўзбекистон Халқ артисти Ориф Тошматов қабрини зиёрат қилдилар.

 

Элмурод ЭРМАТОВ, Андижон