"Олти ойдан сўнг юз йиллик юбилейини нишонлашни режалаштираётган Буюк Британияда яшовчи Виктор Марстон эҳтимол саратондан даволанишга муваффақ бўлган энг ёши улуғ бемор ҳисобланар", деб ёзади The Guardian. 

Май ойининг бошида у ичакдан ёмон ўсимтани олиб ташлаш бўйича жарроҳлик операциясини бошдан кечирди. Марстон ичак саратони билан биринчи марта курашаётгани йўқ - охирги саккиз йил ичида бу учинчи жарроҳлик операцияси. 

Марстон бирданига ўзини ёмон ҳис қила бошлади ва қорин соҳасидаги оғриқдан арз қилди. Шифохонага етказилганидан сўнг шифокорлар унда ичак ўсимтасини топишди ва беморнинг ёши катта бўлишига қарамай унда жарроҳлик операцияси ўтказишга қарор қилишди. Шуниси эътиборга лойиқки, жарроҳлар одатда ёши улуғ инсонларни операция қилишдан бош тортишади. 

Қироллик Борнмут шифохонаси мутахассисларининг таъкидлашича, Марстон - улар саратон касаллигидан даволашга тўғри келган энг ёши катта бемор. Бироқ маълумотлар билан танишиб чиққач, улар Марстоннинг саратондан даволанишга муваффақ бўлган дунёдаги энг ёши улуғ бемор эканига ишонч ҳосил қилишди. 

Виктор Марстон бева. Унинг аёли Альцгеймер касаллигидан вафот этган, қизи эса 58 ёшида ўпка саратонининг енгил шаклига чалиниб, ҳаётдан кўз юмган. Ҳозирда Марстон операциядан кейин ўзини яхши ҳис қилиб, ўз уйига келган. У операциянинг муваффақиятли ўтганидан хурсандлиги ва ҳозир ўзини соғлом ҳис этаётганлигини айтиб, ҳали "қиладиган ишлари кўплиги"ни билдирган.