Арманистон президенти Серж Саргсян Германия президенти Йоахим Гаук, канцлери Ангела Меркель ва бундестаг раиси Норберт Ламмертга немис парламенти арманлар геноциди тан олиниши ҳақидаги резолюцияни қабул қилгани учун миннатдорчилик билдирди, деб хабар бермоқда РИА “Новости” ахборот агентлиги.  

Саргсян, шунингдек, Германия раҳбарлари, сиёсий ва жамоатчилик кучларига ушбу қарор учун овоз берганлари учун чуқур миннатдорчилик билдирди.

"Германия бундестаги томонидан арманлар геноциди ҳақидаги резолюциянинг қабул қилиниши нафақат Арманистон ва арман халқи, Германия ва немис халқи, балки бутун маданий дунё учун ҳақиқатда тарихий қадам бўлди. У демократия, умуминсоний қадриятларнинг устуворлигини ифодалайди ва Германиянинг уларни асраш ишидаги изчил ролини таъкидлайди", деб айтди Арманистон президенти.  

2 июнда Германия парламенти Усмон империяси томонидан арманлар геноцид қилинганини тан олиш ҳақидаги резолюцияни қабул қилди. Туркия бу қарорни қоралади. Резолюцияни деярли барча парламентарийлар қўллаб-қувватлади, бир киши қарши чиқди, яна бир киши бетараф қолди.

Туркия ушбу ҳолат юзасидан Берлиндаги элчисини маслаҳатлашув ўтказиш учун ортга чақиртириб олди.