Қирғизистон 2017 йил охирида ўтказиладиган президентлик сайловида европалик ҳамкорларнинг далдасидан умид қилади. Бу ҳақда мамлакатнинг амалдаги раҳбари Алмазбек Атамбаев Европа ташқи фаолият хизмати бош котиби Ален Ле Руа билан учрашув вақтида гапириб ўтган.

Қирғизистон раҳбари Европа Иттифоқига 2015 йили ўтказилган парламент сайловларининг шаффоф ва ҳаққоний ўтишида кўрсатган мадади учун миннатдорчилик билдирган.

Қирғизистонда парламент сайловлари ўтган йилнинг октябрида бўлиб ўтган, унда илк марта аҳолининг биометрик маълумотлари асосида сайловчилар рўйхати тузилганди.

Ўз навбатида Ле Руа Европа Иттифоқи "Қирғизистонда демократия мустаҳкамлиги йўлидаги ҳаракатларини давом эттириши" ҳақида гапирган. У республика билан икки томонлама муносабатлар ривожланишидан ЕИ манфаатдорлигини қайд этган.

Учрашувда томонлар ўзаро муносабатлардаги долзарб масалалар юзасидан фикрлар алмашган.