АҚШ президентлиги учун асосий даъвогарлардан бири миллиардер Трампнинг фикрича, Ҳиллари Клинтон хизмат ёзишмалари қоидасини қўпол равишда бузганлиги учун қамоқда ўтириши керак, деб ёзмоқда The Hill нашри. 

«Ҳилларининг мен ҳақимда айтган бугунги ёлғон сўзларидан сўнг...мен унга жавобан шундай дейман: Ҳиллари Клинтон қамоқда ўтириши керак», — дея баёнот берган Трамп Калифорния штатининг Сан-Хосе шаҳридаги митингида. 

Трампнинг сўзларига кўра, Клинтон, қамоқ жазосидан қутилиб қолиш учун Эрон билан ядро битимини қўллаб-қувватлаган. 

«Гапнинг индаллосини айтганда, у жуда ҳам айбдордир. Унинг сайловолди кампаниясида иштирок этаётгани, Қўшма Штатлар учун, миллатимиз учун шармандаликдир», — дея қўшимча қилган сиёсатчи.

2 июнь куни, Ҳиллари Клинтон, республикачи Трамп Америка президенти бўлса, «Кремль тантана қилиши»ни айтиб, Трамп президент бўлишга лойиқ эмаслиги ҳақида ишонч билдирган эди. 

«У маънан бу лавозимга лойиқ эмас, чунки президентлик учун катта билим, сабр ва жиддий масъулият талаб этилади», — деб қайд этган эди собиқ давлат котиби.