Ўзбекистон футбол федерацияси расмий сайтида "Ўзбекистон - Экваториал Гвинея учрашувига чипта сотиб олганлар диққатига" сарлавҳаси остида хабар берилди.

"Бекор қилинган Ўзбекистон-Экваториал Гвинея ўртоқлик ўйинига сотиб олинган чипталар билан 1 сентябрь куни Тошкентда ўтказиладиган Ўзбекистон-Сурия учрашувига кириш мумкин бўлади. Ўзбекистон Футбол Федерацияси ишқибозларнинг талаб ва истакларидан келиб чиққан ҳолда бекор қилинган ўртоқлик ўйинининг чиптасини Сурияга қарши ўйин учун ҳақиқий деб эълон қилади", дейилган хабарда.

Ўзбекистон-Экватор Гвинеяси учрашувига сотиб олинган чипталарни август ойида “Бунёдкор” стадиони кассаларида Ўзбекистон-Сурия ўйинининг чиптасига алмаштириш мумкин. Алмаштириш асносида фақат чиптанинг ўзи бўлиши кифоя қилади.

Бунинг учун қўлида Ўзбекистон-Экватор Гвинеяси ўйинининг чиптаси бор ишқибоз 1 сентябрь куни бўлиб ўтадиган Ўзбекистон ва Сурия ўртасидаги ўйин арафасида “Бунёдкор” стадионининг махсус кассасига келиб, чиптасини Ўзбекистон-Сурия ўйини чиптасига алмаштиради. Алмаштирилаётган чипта қайси сектор ва жойга сотиб олинган бўлса, ўша сектор ва жой кўрсатилган янги чипта берилади.

Шундай қилиб, 1 сентябрдаги ўйин учун Экватор Гвинеясига қарши ўйинга сотилган жойларга чипта сотилмайди ва у фақат эски чиптага алмаштириб берилади.

Чиптани алмаштириш тартиби ҳақида Сурияга қарши учрашув арафасида қўшимча эълон берилади.

Шу билан бирга чиптани алмаштирмай, пулини қайтаришни истаган ишқибозлар ўрнатилган тартибда “Бунёдкор” стадиони маъмуриятига мурожаат қилишлари мумкин.

Эслатиб ўтамиз, 2 июнь куни Ўзбекистон миллий терма жамоаси «Бунёдкор» стадионида халқаро ўртоқлик учрашуви ўтказиши керак эди. Аммо бирин-кетин Қирғизистон ва Экваториал Гвинея термалари билан беллашув бекор бўлди.

31 май куни ЎФФ Экватор Гвинеяси билан ўйин учун сотилган чипталарни қайтариш шартлари маълум қилди. Унга кўра, чипталар пулини қайтариб олишни истаган мухлислар чипта билан биргаликда, ариза, далолатнома, прописка маълумотлари кўрсатилган паспорт ҳам тақдим этиши керак эди.