Буюк Британиянинг Daily Mail газетаси энг машҳур «сохта» қадамжолар рўйхатини эълон қилди. Газетанинг қайд этишича, бу ёдгорликларни қуршаб олган афсоналар уларнинг ҳақиқий тарихи билан кам ҳоллардагина мос келади.

Жумладан, «Қироличанинг махфий хизматида» (1969) фильмидаги Швейцариянинг Шилтхорн чўққисида жойлашган Piz Gloria ресторанини мисол қилиш мумкин. Фильм суратга олингунга қадар, қурилиш ишлари тугалланмаган эди. Бироқ ишлаб чиқарувчи компания ишни якунлашга молиявий кўмак ажратади ва ресторан Жеймс Бонд учун табиий маконлардан бирига айланади.

Шунингдек, рўйхатга Жонни Депп иштирокидаги «Уйқудаги водий» фильми ҳамда худди шу номли сериал орқали танилган Нью-Йоркнинг Слипи-Ҳоллоу қишлоғи ҳам киритилди.

Бундан ташқари, рейтингда Жеймс Ҳилтоннинг «Йўқотилган уфқ» асарида ўйлаб топилган Шангри-Ла мамлакати ҳам мавжуд. 2001 йилда Хитойнинг Чжундянь шаҳри айнан шундай номни олган.

Газетада ёзилишича, ўйлаб топилган ёки «сохта» диққатга сазовор жойлар орасида Квай (Таиланд) дарёсидан ўтувчи кўприкни ҳам учратиш мумкин. Бу ҳақида Пьер Булнинг китобида айтиб ўтилган, аммо реал ҳаётда Квай дарёсининг устидан ҳеч қандай кўприк ўтмаган. Ёзувчига Иккинчи жаҳон урушида қурилган Мэконг дарёсидан ўтувчи кўприк илҳом бағишлаган ва оқибатда асар ҳикоясига мос келиши учун дарёнинг бир қисмини қайта номлашга тўғри келган. 

Ҳақиқий Чекпойнт Чарли назорат нуқтаси (Германия) 1990 йилда бузиб ташланган бўлиб, ҳозир у ерда фақатгина бино нусхасини кўриш мумкин. Бейкер-стрит, 221Б (Буюк Британия) ва Бран қасри (Руминия) — ўйлаб топилган Шерлок Ҳолмс ва Дракула вампири қаҳрамонларининг турар жойларидир.

Яна бир машҳур диққатга сазовор жойлардан бири Шекспирнинг машҳур асаридаги Жульетта балкони (Италия) саналади.  
 

Шунингдек, ҳозирги Филе ороли (Миср) — дастлаб Агилкия ороли бўлган. У ерга Асвон тўғони қурилиши сабабли қадимги ибодатхоналарни олиб ўтишга тўғри келган.