Туркия президенти Ражаб Тойиб Эрдўған Сомали пойтахти Могадишода кучайтирилган хавфсизлик чоралари вазиятида Туркиянинг янги элчихонасини очди. Эрдўғаннинг Сомалига ташрифи сомалилик жангарилар Могадишодаги меҳмонхоналардан бирига ҳужум қилганидан икки кун ўтиб бўлиб ўтди, деб хабар бермоқда Associated Press ахборот агентлиги. 

Таъкидланишича, Туркия президенти Сомалига учинчи марта келмоқда. У охирги ўн йилликларда уруш сабабли парчаланиб кетган Сомалига келган ягона африкалик бўлмаган президентдир. Ўтган йили Эрдўған турк делегацияси яшаган меҳмонхонага жангарилар ҳужум уюштирган куннинг эртасига Сомалига келганди. Ўшанда ҳужум оқибатида 6 киши ҳалок бўлган.

Маълум қилинишича, Эрдўған янги элчихона олдидаги тасмани кесди ҳамда элчихонани Туркиянинг Африкадаги  энг илғор ва энг катта элчихонаси деб атади. 

"Бизнинг Сомали билан лойиҳаларимиз давом этади", деб таъкидлаб ўтди Эрдўған.

Эрдўған сафари давомида мамлакат раҳбарияти билан ҳам учрашади.

Эрдўған Сомалига келишидан аввал Уганда ва Кенияда бўлди.

Аввалроқ Могадишодаги Ambassador меҳмонхонаси олдида миналаштирилган автомобиль портлатилиши оқибатида 16 киши ҳалок бўлгани маълум қилинганди.

Айни вақтда Сомалида фуқаролик урушидан кейин деярли бир нечта тан олинмаган давлат юзага келган.