Дунёнинг энг йирик ижтимоий тармоғи Facebook Inc директорлар кенгаши, компания асосчиси ва раҳбари Марк Цукербергнинг акцияларини оддий овозсиз акцияларга айлантириш таклифини илгари сурмоқда, дейилади компания хабарномаларида.

2 июнь ҳолатига кўра, Цукерберг А тоифадаги 4 миллион акция ва 419 миллион дона B тоифа акциясига эга. Бу, умумий овоз берувчи акцияларнинг 53,8 фоизи демакдир. Қонун ва компания низомига биноан, Цукерберг Facebookдан кетадиган бўлса, у ўз ҳиссаси ва овоз бериш ҳуқуқини сақлаб қолади. Шу билан бирга, у вафот этган тақдирда, бу ҳиссага меросхўрлари эгалик қила бошлайди. 

Эндиликда, директорлар кенгаши, бу қоидалардан воз кечиш таклифини билдирмоқда. Кенгаш фикрича, "мабодо Цукерберг кетадиган бўлса, компанияга салбий таъсир ортиб кетади". Шунга кўра, Facebook асосчиси ўлса ёки компанияни тарк этса, унинг меросхўрлари овоз бериш ҳуқуқидан маҳрум бўлиши керак. 

Ушбу масала бўйича овоз бериш жараёни 20 июнь куни бўлиб ўтадиган компания акционерларининг йиллик йиғилишида амалга ошади.