1974 йилда туғилган Тельман Рафиқов (исм-фамилиялар ўзгартирилган) муқаддам ҳар бир неча марта судланган бўлиб, охирги марта 2002 йилда у Жиноят ишлари бўйича Мирзо Улуғбек туман суди Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг тегишли моддалари билан судланиб, унга нисбатан 12 йил озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланганди. У жазони тўлиқ ўтаб, 2014 йилда озодликка чиққан эди. Аммо Тельман бундан ўзига тегишли ижобий хулоса чиқармади. Озодлик нашидаси ҳам унинг маънавий дунёқарашини ўзгартирмади, эгриқўллик одатига таъсир кўрсатмади. У осонгина мўмай даромад топиш илинжида ўғриликка қўл урди.

Тельман навбатдаги жинояга Валентин билан танишгандан сўнг қўл урди. “Кўр кўр билан қоронғида танишар” деганларидек, танишлар вақти-вақти билан учрашиб, қинғир ишлари билан ўртоқлашиб туришарди. Шундай кунларнинг бирида Тельман Валентинга тунаш учун бир уй топганини айтиб, у ерда эса анчагина қимматбаҳо буюмлари ҳам борлигини қистириб ўтади. Икковлон яқинроқда жойлашган бир қаҳвахонага кириб, спиртли ичимлик истеъмол қилишади. Кайфи тароқ Тельман хонадон эгасининг мол-мулкини, асбоб-анжомларини “тинчитишни” таклиф этади. Валентин ҳам  ҳеч иккиланмай, бу ишга рози бўлади.

Бузуқ ниятли бу кимсалар келишган ҳолда биргаликда тил бириктириб, жиноий режа тузишади. Ушбу режа асосида Тельман таниши бўлмиш Бектемир тумани Водник мавзесидаги уйларнинг бирида яшаб келаётган Катерина Серафимованинг уйига калит танлаш йўли билан киришни режалаштиришади.

2015 йилнинг 24 декабрь куни тахминан соат 13:30ларда Тельман Катеринанинг уйи қўнғироғини чалади. Ичкаридан ҳеч қандай овоз келмайди. Уйда ҳеч ким йўқлигига ишонч ҳосил қилган бузғунчилар хонадон ичига осонлик билан кирадилар. Талончилар бу ердан К.Серафимовага тегишли 1270000 сўм сўм ва 24 АҚШ доллари миқдоридаги пул маблағи, 1000000 сўмлик “НР” русумли ноутбук, 1500000 сўмлик учта тилла узук, 10000 сўмлик тақинчоқ ва 25000 сўмлик эркаклар картмонини яширин равишда талон-тарож қилиб, воқеа жойидан яширинишга уринишади. Аммо уринишлари зое кетиб, ўғриликни охирига етказа олишмайди. Ўша ерда хизмат олиб бораётган ички ишлар ходимлари уларни ашёвий далиллар билан қўлга олган эдилар.

Шунча қилғиликни қилган Тельман ўз айбига қисман иқрор бўлиб, айбни шеригига ағдаришга уриниб кўрди. Аммо далилий ашёлар, гувоҳлар ва жабрланувчи берган кўрсатмалар, юзлаштиришлар Тельман ва Валентиннинг батамом айбдорлигини рад этиб бўлмас даражада исботлаб берди.

Текин ош силлиқ ўтади, лекин татимайди. Талончиларнинг хом хаёллар билан қилган ғайриқонуний ҳатти-ҳаракатлари аслида қасддан ўғрилик қилиш, яъни ўзгани мол-мулкини яширин равишда анча миқдорда талон-тарож қилиш жинояти эди. Эндиликда Т.Рафиқов ва В.Никоноровлар қилмишларига яраша жазоларини оладилар.