1 июнда Цюрих аэропортида олинган сурат ОАВ эътиборини тортди. Суратда бир вақтнинг ўзида Германия канцлери Ангела Меркель, Франция президенти Франсуа Олланд ва Iron Maiden британ рок-гуруҳи самолётларининг ёнма-ён тургани тасвирланган.

Суратдаги самолётлар ўлчамларидаги фарқ ҳазил-мутойибаларга сабаб бўлди. Суратда рок-гуруҳнинг самолёти Германия ва Франция етакчиларининг самолётларидан анча катталигини кўриш мумкин. Баъзи шарҳловчилар мусиқа сиёсатдан муҳимроқ деган ҳазиломуз хулосага ҳам келишди.

Европа давлатлари етакчилари Цюрихга 57 км лик Сен-Готард темир йўл туннелининг тантанали очилиш маросимида иштирок этиш учун келишди. Бу туннел аввал маълум қилингандек, бундай турдаги энг узун туннел бўлди. Британиялик мусиқачилар эса Швейцарияга ўзларининг "The Book of Souls" халқаро гастрол тури доирасида ташриф буюришди.