Нидерландияда Ўзбекистон Республикасининг иқтисодий ва инвестицион салоҳиятига бағишланган ахборот семинари бўлиб ўтди.

Тадбир ЕИнинг "Менежмент таълим дастури - Ўзбекистондаги кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик корхоналари раҳбарларининг салоҳиятини ривожлантириш" лойиҳаси доирасида Ўзбекистоннинг Бельгиядаги элчихонаси томонидан Ўзбекистон саноат палатаси ва Нидерландия паррандачилик маркази билан ҳамкорликда  ташкил этилди.

Тадбирда нидерланд компанияларининг 50 нафар вакили иштирок этди. Ўзбекистондан - "Ўзпаррандасаноат", "Ўзсаноатқурилишбанк" ва "Халқ банки", паррандачилик соҳасида фаолият юритувчи корхоналар ассоциацияси анжуман иштирокчилари бўлди.

Иштирокчилар мамлакатнинг мустақиллик йилларидаги ижтимоий-иқтисодий тараққиёти, Ўзбекистондаги фаровон бизнес-иқлимнинг асосий омиллари, солиқ имтиёзлари, божхона преференциялари, махсус иқтисодий зоналар, қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат саноатида ўтказилаётган ислоҳотлар, шунингдек мамлакатда озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлашга доир маълумотлар билан батафсил танишиб чиқишди. 

Тадбир давомидаTrade Uzbekistan электрон савдо майдонининг имкониятлари намойиш этилди. 

Тадбирнинг ахборот билан танишув қисмидан сўнг икки мамлакатнинг бизнес доиралари музокаралар ўтказишди. Икки томон озиқ-овқат саноати ва паррандачиликнинг турли йўналишларида ҳамкорлик қилишга келишиб олишди.