Нефть бозори ОПЕКнинг сўнгги ўтказилган самарасиз учрашуви натижаларини тезда унутиб, жума кунида нархларнинг ўсишини қайд этди.

Бугун Brent туридаги нефть ўтган йилнинг охиридан буён илк бор 50 доллардан юқорилаган. Кузатувчилар бозор учун ёмон кунларнинг ортта қолганини айтмоқда.

ОПЕК ташкилоти нефть нархи тушишни бошлаган сўнгги 18 ой давомида нархларни барқарор сақлаб қолиш йўлида амалда бирор чора кўра олмади. Нефть етказиб бериш учун квоталар белгиланмаган бўлиб, кўплаб давлатлар маҳсулот етказиб бериш ҳажмини ошириб бормоқда. Унинг ҳажмини чегаралаш бўйича эса нефть етказиб берувчи давлатлар бир тўхтамга кела олишмади.

2 июнь куни ОПЕК саммитидаги жараёнлар туфайли Brent нефти нархи 49 доллардан пастга тушиб кетганди.

Сешанба куни тарқатилган маълумотларга кўра, ОПЕК давлатлари нефть етказиб беришни апрелда кунига 188 минг баррелдан 32,44 млн баррелга етказган. Буларнинг барчаси ОПЕК ташкилотининг нефть бозорини бошқаришдаги ўрни йўқолганини англатмоқда.

Шундай қилиб, Brent нефти Лондон биржасида Тошкент вақти билан соат 9:55да 1 центга арзонлаган ва бир баррели 50,03 долларга баҳоланган.

WTI нефтининг бир баррели нархи эса Нью-Йорк товар биржасидаги (NYMEX) савдоларда шу вақтда 2 центга арзонлаган ва 49,15 долларни ташкил этган.

Нефть нархи кўтарилишига АҚШда захиралар камайгани ҳақидаги маълумотлар ҳам сабаб бўлди. 2 июнь куни АҚШ энергетика вазирлиги мамлакатда нефть товар захиралари ўтган ҳафтада 1,37 миллион баррелга камайганини эълон қилганди.