Истанбул шаҳри полицияси Германиянинг бош консулхонасини ўраб олган. Бу ҳақда Deutsche Welle нашри хабар тарқатган.

Ҳуқуқ-тартибот органлари ходимлари бинога олиб келадиган кўчаларни тўсиб қўйган.

Бу бино олдида туркияликлар томонидан норозилик акциялари ўтказилиши олдини олишга қаратилган чора ҳисобланади. Намойишчилар бундестаг томонидан арманилар геноциди тан олинганидан дарғазаб бўлишган.

2 июнь куни Бундестаг депутатлари 1915 йилда Усмонли салтанатида арманиларнинг депортация қилинишини геноцид деб тан олиш юзасидан резолюция қабул қилди. 

«1915–1916 йилларда Усмонли салтанатида арманилар ва бошқа христиан озчиликларнинг геноциди хотирасига» деб аталган бу ҳужжат қабул қилинишидан кейин Туркия Германиядаги элчисини маслаҳатлашув учун чақириб олди. Шунингдек, Туркия ТИВга Германиянинг Туркиядаги элчисини бу воқеа юзасидан изоҳ бериш учун чақиртирган.