Машҳур бразилиялик футболчи Роналдиньо "Кикбоксёр" жангари фильмининг давомида суратга тушади.

Фильмда Роналдиньо қаҳрамони номи Роналдо бўлиб, у жанговор санъат устаси бўлади ҳамда актёр Жан-Клод Ван Дамм ўйнайдиган қаҳрамонга устозлик қилади.

Фильмда, шунингдек, собиқ боксчи Майк Тайсон, UFC юлдузлари Пэйж Ванзант ва Хафтор Юлиус Бьернссон ҳам роллар ижро этишади.

"Биз у ёки бу юлдуз қандай ҳисса қўшишига қараймиз. Роналдиньо истарали бўлишидан ташқари, унинг ижтимоий тармоқларда 66 млн обуначиси бор, бу эса фильмни тарғибот қилишда жуда асқатади", деб айтди фильм продюсери Роб Хикман.

Ван Дамм иштирокидаги "Кикбоксёр" жангари фильми 1989 йилда экранларга чиқарилган. Фильмда ака-ука Курт ва Эрик Слоаннинг кикбоксинг ватани Таиланддаги саргузаштлари ҳақида сўзланади.