Саудия Арабистони янги нефть вазирининг айтишича, ОПЕКнинг Венадаги учрашувидан сўнг, ташкилот хом-ашё етказиб бериш ҳажми билан нефть нархига таъсир этишда давом этади, деб ўйлаш нотўғри. Унинг сўзларига кўра, нефть ишлаб чиқарувчилари, бозорнинг ўзи нархни бир маромга келтиришига имкон бериши керак. 

The New York Times газетасининг ёзишича, Саудия Арабистони энергетика ва саноат вазири Холид ал-Фалих, ОПЕКнинг учрашувидан сўнг, унинг хонасида тўпланган бир неча журналистлар билан суҳбатда шундай баёнот берган. 

«Ўйлашимча, одатдаги усул билан нефть нархини меъёрга келтириш балки келгусида умуман такрорланмаслиги мумкин», — деган вазир. «Шунга кўра, биз янги нархлар оралиғига оид аниқ фикрларни таклиф этмаймиз». 

Ал-Фалихга кўра, нефть экспорт қилувчилар «бозордаги талаб ва таклифдан келиб чиққан ҳолда қиймат белгиланишига имкон беришлари керак».

ОПЕКнинг бошқа аъзолари, нефть қазиб олиш ҳажмини музлатиш ёки камайтириш таклифини илгари сураётган бир вақтда, ал-Фалих нефть қазиб олиш ҳажмини ҳозирги кўрсаткичда сақлаб қолиш ва Саудия маблағларини даромад келтирувчи бошқа соҳаларга йўналтиришни тавсия этмоқда, деб ёзган The New York Times.

ОПЕК мамлакатлари 2 июнь куни бўлиб ўтган йиғилишида, нефть қазиб олиш квотаси бўйича аниқ тўхтамга кела олмади. Айни вақтда, 2011 йилда белгиланган кунига 30 млн баррель нефть қазиб олиш квотасига амал қилинади.