Ўзбекистон соғлиқни сақлаш вазирлигининг сузиш ҳавзаларидаги санитарик-гигеник шароитларни назорат қилиш борасидаги UZ24 нашри берган саволига жавобини ёдга олди. 

Бошқарма маълумотларига кўра, ҳовузларни текшириш муайян жадвал асосида ва мижозлар санитарик-гигеник ҳолатдан шикоят қилган тақдирда амалга оширилади.

Ҳовузни текширишда қуйидагиларга эътибор қаратилади: 

- актда келтирилган камчиликларни бартараф этиш бўйича ишларни амалга ошириш ва ишлаб чиқариш лабаратория назорати натижалари бўйича регистрация журналини юритиш;

- мижозлар ҳаракатини ташкиллаштиришга риоя қилиш;

- ташриф буюрувчилар учун ҳовуздан фойдаланиш қоидаларининг мавжудлиги;

- ҳавонинг микроиқлим параметрлари;

- душ хоналари, оёқ ванналари ва ҳожатхоналарнинг аҳволи;

- ҳовузнинг сув билан тўлдирилиш даражаси;

- рециркуляр тизимда ишловчи ҳовузларда фильтрларни ювишни ҳисобга олиш;

- ишга кириш пайтидаги ҳамда ундан кейинги мунтазам равишда ўтказиладиган тиббий кўрикдан ўтганлик тўғрисидаги  тиббиёт дафтарчалари.

Агар ҳовузга ташриф буюрувчиларнинг у ердаги санитар-гигеник ҳолатга шикояти бўлса, Соғлиқни сақлаш вазирлиги аввал ҳовуз раҳбариятига учрашишни маслаҳат беради, ҳеч қандай чора кўрилмаган тақдирда Давлат эпидемиология марказига мурожаат қилиш тавсия қилинади.