Бугун, 3 июнь куни Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитасида анъанавий тарзда ўтказиб келинадиган “Олимпия куни” спорт байрами кенг нишонланди. 

Халқаро олимпия қўмитаси шафелиги ҳамда Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси ташаббуси билан ташкил этилган тадбирда Маданият ва спорт ишлари вазирлиги, Миллий паралимпия ассоциацияси ҳамда Олимпия спорт турлари бўйича федерациялар раҳбарлари, тўрт йилликнинг энг йирик спорт байрамида ватан шарафини муносиб ҳимоя қилиб, совринли ўринларни қўлга киритган спортчилар, шунингдек, “Олимпия куни”да қатнашиш истагини билдирган 5 ёшдан қарийиб юз ёшгача бўлгандар, ОАВ ходимлари жам бўлди.

Бу йилги “Олимпия куни” бир қатор жиҳатлари билан аввалгилардан яққол ажралиб турди. Жумладан, иштирок этиш истагида бўлганлар сонининг кўплиги билан (1000 нафардан зиёд). Қатнашчилар турли масофаларга ўтказилган югуриш мусобақалари билан бирга, спортнинг бокс, таэквондо (WTF), дзюдо, велоспорт, стол тенниси, енгил атлетика ва камондан отиш турлари бўйича ўз имкониятларини синовдан ўтказди. 

Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси ҳудудида ўтказилган мусобақалар 21 та гуруҳда ўтказилиб, 5 ёш ва ундан катта бўлган иштирокчилар турли масофаларга (50 метрдан 1609 метргача) югуриш бўйича баҳс юритди.

Ўттиз нафардан зиёд ижодкорлар иштирокида бўлиб ўтган мусобақада “Туркистон-пресс” ахборот агентлиги ходими Шаҳзод Тўраев марра чизиғига биринчи бўлиб етиб келди. 

“Олимпия куни” дунёда энг оммавий тарзда нишонланадиган спорт байрамларидан бири ҳисобланиб, ҳар йили Халқаро олимпия қўмитасига аъзо 206 давлатда ўтказилади. Тадбирни ўтказишдан кўзланган асосий мақсад – аҳоли орасида соғлом турмуш тарзини ҳамда олимпизм ғояларини кенг тарғиб этиш, катта-ю, кичик қалбида жисмоний тарбия ва спортга бўлган мехрни янада юксалтиришдан иборатдир. 

«Олимпия куни»нинг барча иштирокчилари Халқаро Олимпия қўмитасининг махсус сертификатлари билан тақдирланди.