Тошкентнинг Ғофур Ғулом номидаги маданият ва истироҳат боғида 5 июнь – Жаҳон атроф-муҳитни муҳофаза қилиш кунига бағишланган тадбир бўлиб ўтди. Бу ҳақда «ЎзА» хабар бермоқда.

Тадбир доирасида мактаб ўқувчилари ўртасида ўтказилган «Онажоним табиат» ижодий танлови, олимлар, шифокорлар ҳамда журналистлар ўртасида ўтказилаётган тиббиёт ва экология соҳасидаги илмий-оммабоп мақолалар танлови,  талабалар ва ёш олимлар иштирокидаги «Глобал иқлим ўзгаришига мослашиш бўйича энг яхши ғоя» танловлари ғолиблари тақдирланди. 

–  Устозларим кўмагида пахта саноати корхоналари чиқиндиларини қайта ишлаб, иккиламчи хомашё олишга оид илмий изланиш олиб бораётирман, – дейди Қарши муҳандислик-иқтисодиёт институти талабаси, «Глобал иқлим ўзгаришига мослашиш бўйича энг яхши ғоя» танлови ғолиби Жавоҳир Рустамов. – Ушбу танлов илмий лойиҳаларимизни олимлар ва эколог мутахассислар кўригидан ўтказиш ва кенг жамоатчиликка намойиш этиш имконини берди.