Япониянинг Toyota Motor автомобиль корпорацияси кунчиқар мамлакатдаги яна иккита заводида яқинда деталлар етказиб берувчи корхонада портлаш юз бергани оқибатида деталлар тақчиллиги юзага келгани сабабли автомобиллар йиғишни тўхтатди. Бу ҳақда компаниядаги манбаларга иқтибос келтирган ҳолда Kyodo ахборот агентлиги хабар берди. 

Фаолияти тўхтатилган заводлар Сидзуоко ва Киото префектураларида жойлашгани айтилмоқда.

Шу тариқа, концерн умумий ҳисобда 11 та заводидаги 16 та конвейер линиясини тўхтатишга мажбур бўлди.

Аввалроқ Toyota Motor портлашдан кейин деталлар етказиб беришда юзага келган тўхташлар сабабли 9 та заводидаги конвейерларини тўхтатгани маълум қилинганди.

Компания 1 июнда Айти, Киото, Осака ва Фукуока префектураларидаги 9 та заводида 14 та конвейер линиясини тўхтатганди. Етказиб берувчи корхонада содир бўлган портлаш сабаблари маълум қилинмаган.