Туркия ҳукумати раҳбари Бинали Йилдирим, 3 июнь куни Озарбайжонга расмий ташриф буюради. Дипломатик манбаларга кўра, турк бош вазири президент Илҳом Алиев ва ҳамкасби Артур Расизаде билан учрашади.

Айтиш жоизки, бу Йилдиримнинг бош вазир лавозимидаги иккинчи хорижий сафаридир. У 1 июнь куни Шимолий Кипр Турк республикасига борган эди. 

Туркия бош вазири Озарбайжон раҳбарияти билан икки томонлама алоқаларнинг барча соҳаларини муҳокама этади, унда асосий эътибор, икки мамлакат иштирокида энергетика ва транспорт соҳаларида амалга оширилаётган лойиҳаларга қаратилади. 

Хусусан, 9,3 млрд долларлик Трансанадўли газ қувури муҳим мавзулардан бири бўлади. У, озарбайжон табиий газини Европа жанубига етказишни кўзда тутади. Режага мувофиқ, ушбу қувур 2018 йилдан Туркияга газ етказиб беришни бошлайди. 2020 йилда, Трансадриатика газ қувури қуриб битказилиши билан, Италияга етказилади. 

Томонлар шунингдек, Туркия ҳудуди орқали ўтувчи Баку - Тбилиси - Карс темирйўли қурилишини ҳам муҳокама этишади. 

Шу билан бирга, икки мамлакат ўртасидаги савдо алоқаларини янада фаоллаштириш, ўзаро сармоя алмашиш ҳажмини ҳам ошириш масалалари ҳам кўриб чиқилади. 

Музокаралар чоғида, томонларни қизиқтирган халқаро мавзулар бўйича фикр алмашилади.