Ўзбекистон Қаҳрамони, халқ шоири Абдулла Ориповнинг “Сенга инсоф берсин учинчи одам” деган сатрлари эсингиздами? Шоир гоҳида одамларни бир-бирига қарши қайровчи, гоҳида уларни яраштирувчи учинчи одамга инсоф тилайди. Бугунги кунда жаҳонда юз бераётган воқеа-ҳодисаларни кузатар экансиз, шоирнинг юқоридаги сатрлари яна бир бор беихтиёр ёдга тушади.

Кеча ким ўйлаган эди Россия-Туркия орасидан ола мушук ўтади, деб. Кеча ким ўйлаган эди НАТО аъзоси бўлмиш Туркиянинг Европа мамлакатлари билан алоқасига дарз кетиш юз беради деб.

Туркия атрофида саволлар кун сайин кўпайиб бормоқда.

Балки Туркия атрофидаги барча муаммоларнинг ортида "учинчи одам" турмаганмикан?

2001 йил 11 сентябрда даҳшатли террор ҳодисаси юз берди. Шундан сўнг Афғонистонда “Толибон”га қарши уруш бошланди. Орадан икки йил ўтиб Ироқда Саддам Ҳусайн тузуми ағдарилди. Кейинчалик Ироқда оммавий қирғин қуроллари йўқлиги аниқ бўлди. 2011 йилда эса “Араб баҳори” бошланди. Бунинг оқибатида минтақада энг кучли бўлган араб мамлакатлари пароканда бўлди. Ливия бўлакларга бўлинди, Миср нисбатан кучсизланди. “Эҳромлар мамлакати”га сайёҳларнинг келиши кескин камайиб кетди. Куни-кеча АҚШ раҳбари Ливиядаги уруш нотўғри бўлганини тан олди. 1998 йилги молиявий инқироз Индонезия ва Малайзияни кучсизлантирди. Шу тариқа мусулмон дунёсида кучли давлат сифатида фақат Туркия қолди.

Аммо ўтган йилнинг ноябрида Туркия томонидан Россия ҳарбий самолёти уриб туширилгач, бу мамлакат иқтисоди ортга кета бошлади. Чунки Россия ўз сайёҳларини Туркияга юбормай қўйди. Икки мамлакат ўртасидаги савдо-сотиқ деярли тўхтатилди. Бу, ўз навбатида, ҳар икки мамлакат иқтисодиётига салбий таъсир кўрсатмай қолмади. Мана энди Туркиянинг энг ишонган ҳамкорларидан бири бўлмиш Германия парламенти турклар томонидан арманилар геноцид қилинган, деган қарор қабул қилди.

Германия парламентининг 630 нафар аъзосидан бир депутат қарши чиқиб, бир нафари бетараф қолган ҳолда қабул қилган қарорини Туркия расмийлари “асоссиз ва масъулиятсиз” деб атади. Германиянинг Анқарадаги элчиси Мартин Эрдманн ташқи ишлар вазирлигига чақирилиб, унга норозилик нотаси топширилди. Берлиндаги Туркия элчиси Ҳусайн Авни Карслиўғли маслаҳатлашув учун Анқарага чақириб олинди.

Бугунги кунда Германия билан қўшиб ҳисоблаганда 29та давлат, жумладан, Россия, Франция, Австрия, Бельгия, Греция, Италия, Люксембург, Ватикан, Нидерландия, шунингдек, Европарламент, Европа Кенгаши ва Жаҳон Черковлар Кенгаши арманилар геноцид қилинганини тан олади. Бундестаг қабул қилган резолюция “1915-16 йилларда арман ва бошқа христиан озчилигини геноциди тўғрисидаги хотира” деб номланади.

БМТ Бош Ассамблеясининг 1948 йил 9 декабрда қабул қилган конвенциясида бирор бир миллий, этник, ирқий ёки диний гуруҳни атайлаб бутунлай ёки қисман йўқ қилиш геноцид деб аталиши таъкидланади. 1915 йилда Усмонийлар империяси томонидан 600 мингдан бир ярим миллионга яқин арман йўқ қилингани даъво қилинади. Биринчи жаҳон уруши арафасида Усмонийлар империяси ҳудудларида арман миллатига мансуб аҳоли сони 2 ярим миллион кишини ташкил қиларди. Бироқ Туркия томони арманлар геноцид қилинмаганини, фуқаролар уруши даврида арманлар каби турклар ҳам жафо чекканини айтиб келади. Анқаранинг фикрича, арман миллатига мансуб аҳоли оммавий қирғин қилинган, бироқ ҳодисани геноцид деб атаб бўлмайди. Шунингдек, арманлар талқин қилаётган қурбонлар борасидаги рақамларга ҳам ишониш қийин. Арманлар Усмонийлар империясининг мақсадли сиёсати туфайли эмас, балки салтанатда юз берган фуқаролар уруши оқибатида ҳалок бўлган. Туркия расмийларининг айтишича, “геноцид” иборасидан Арманистон ўзининг сиёсий мақсадлари йўлида фойдаланмоқда. Шу сабабли ҳам Анқара муаммога узил-кесил нуқта қўйиш мақсадида ҳалқаро экспертлар қўмитасини тузиш таклифи билан чиқмоқда. Бироқ бу таклифга Ереван қарши чиқиб келади.

Канцлер Ангела Меркель, ташқи ишлар вазири Франк-Вальтер Штайнмайер ва вице-канцлер Зигмар Габриэль овоз бериш жараёнида иштирок этмади. Айни дамда Аргентинада бўлган Франк-Вальтер Штайнмайер бундестаг қарори Берлин ва Анқара ўртасидаги муносабатларга салбий таъсир кўрсатмаслигига умид билдирди.

Туркия бош вазирининг ўринбосари Нуман Куртулмуш ўзининг Twitter микроблогида резолюцияни “тарихий хато” деб атади ва ҳужжат Туркия учун ҳеч қандай юридик кучга эга бўлмаслигини таъкидлади.

Туркия Адлия вазири Бекир Боздаг арманларнинг геноцид қилинишининг тан олиниши турк халқи, турк давлати ва тарихи учун туҳмат эканини таъкидлади. “Агар жаҳоннинг барча мамлакатларининг парламентлари шу каби қарорга келган тақдирда ҳам бизнинг миллат, бизнинг давлат, бизнинг тарихимизга қора чаплай олишмайди. Биз уяладиган иш қилганимиз йўқ. Тарихимизда бошимизни эгишга мажбур қиладиган қора доғлар йўқ”, деди Адлия вазири. У ўз сўзида давом этар экан “турк халқи ва турк давлати ҳеч қачон дўстларини ҳам, дўст бўлмаганларини ҳам унутмайди. Туркия ўз йўлидан қайтмайди. Сиёсий қарорлар ҳақиқатни ўзгартира олмайди”, деди.

Ҳукмрон Адолат ва Тараққиёт партияси ҳамда мухолифатдаги Халқ республикачилар ва Миллий Ҳаракат партиялари ҳам Германия бундестагининг қарорини қоралаб чиқди.

“Резолюция лойиҳаси ким томондан тақдим қилинди?”, деган савол туғилиши табиий. Ҳужжат “Яшиллар” партиясининг ҳамраисларидан бири - миллати турк бўлган Жем Ўздемир томонидан тақдим қилингани айтилмоқда. Туркияда Ўздемирни “сотқин”, “арман террорчиси” ва “миллатчи” деб атай бошлашди.

Таҳлилчилар икки мамлакат ўртасидаги дипломатик алоқалар узилмаслигини, бир - икки ой турк сиёсатчилари кескин баёнотлар берганидан сўнг вазият аввалгидаек давом этишини айтишмоқда.

Германия қарорини кимдир ғалаба деди, кимдир хато деди. Лекин бир нарса аниқ. Бундан кейин Германия ва Туркия ўртасидаги муносабатлар аввалгидек бўлмайди. Худди шу каби фикрни Россия ва Туркия ўртасидаги муносабатларга ҳам айтиш мумкин. Уриб туширилган самолёт учун Туркия кечирим сўраган тақдирда ҳам (ҳозирча Эрдўған узр сўраш ниятида эмас) икки мамлакат ўртасидаги аввалги муносабатлар қайта тикланмайди.

“Нима учун айнан бугун Бундестаг шу каби резолюция қабул қилди?” деган савол туғилади. Усмонийлар империяси томонидан 1915 йилги арманларга нисбатан содир этилган хатти-ҳаракатларга бугун муносабат билдириш шартмиди? Бу сиёсатчиларнинг эмас, балки тарихчиларнинг иши эмасми? Ҳозирча тарихчилар якдил бир фикрга келмаган экан, сиёсатчиларнинг шошма-шошарлик билан чиқарган хулосаси вазиятини бадтар кескинлаштирмайдими?

Шарофидин Тўлаганов