2016 йил 2 июнь куни Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг мажлислар залида уламолар, нуфузли имом-хатиблар, Тошкент ислом университети ва Тошкент ислом институтининг профессор-ўқитувчилари, олимлар иштирокида «Дунё уламолари мурожаати» китобининг тақдимот маросими бўлиб ўтди.
Тақдимотда сўз олган муфтий Усмонхон Алимов мўмин-мусулмонларимизни кириб келаётган муборак Рамазон ойи билан қутлуғ, ана шундай шукуҳли кунларда Ўзбекистон мусулмонлари идораси китобсевар халқимизга «Дунё уламолари мурожаати» номли янги китобни тақдим этаётганини маълум қилди.
Тошкент шаҳар бош имом-хатиби А.Турсунов ушбу китоб имом-хатибларнинг кундалик фаолиятида қўл келиши, диний соҳа ходимлари маҳаллаларда ташкил этиладиган маънавий-маърифий учрашувларда «Дунё уламолари мурожаати» китобидан унумли фойдаланишларини сўзлаб, мазкур китобни барча масжидларга, маҳалла ва таълим муассасаларига етказиш зарурлигини билдирди.
Тақдимотда иштирок этган тарих фанлари доктори, профессор Убайдулла Уватов ушбу нашр шу кунга қадар чоп этилган китоблардан илмий-амалий аҳамияти, савияси билан ажралиб туришини қайд этди.
Иштирокчилар томонидан Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг диний-маърифий соҳадаги тарғибот фаолияти сўнгги йилларда янгича мазмун касб этаётгани таъкидланди.
Қайд этиш керакки, тақдимоти ўтказилган «Дунё уламолари мурожаати» китоби илмий жамоатчилик, хусусан, хорижлик мутахассисларда катта қизиқиш уйғотмоқда.

Сурат: Muslim.uz