Афсонавий боксчи Муҳаммад Али 3 июнь куни АҚШнинг Феникс шаҳридаги шифохоналардан бирида 74 ёшида оламдан ўтди. У нафас олиш йўлидаги муаммолар сабаб шифохонага ётқизилган эди.

Унинг вафотини спортчининг оила аъзолари тасдиқлаган.

«Муҳаммад Али 32 йил давомида Паркинсон хасталигига қарши курашди. У 74 ёшида ҳаётдан кўз юмди. Уч карра жаҳон чемпиони энди орамизда йўқ», – деди марҳумнинг расмий вакили Боб Ганнелл.

Аввалроқ унинг ўлим тўшагида ётгани ҳақида маълум қилинган эди.

Профессионал фаолияти давомида Муҳаммад Али 61та жанг ўтказиб, 56 тасида (шулардан 37тасида нокаут билан) ғалаба қозониб, 5 тасида мағлубиятга учраган. У 1960 йилги Олимпиада чемпиони бўлган. 1999 йилда Али «Асрнинг энг яхши спортчиси» деб тан олинганди.