Ҳиндистон-Бангладеш чегараси жорий йилнинг декабригача тўлиқ тўсилади ва жиҳозланади. Бу ҳақда Ҳиндистон адлия вазири Садананда Говда маълум қилди.

"Ҳиндистон ва Бангладеш ўртасидаги чегаранинг жиҳозланиши йил охиригача якунланади, шундан кейин икки томондан ҳам бирор одам чегарани кесиб ўта олмайди. Бу давлатларимиз ўртасида охирги 65 йил ичида муносабатларимизни нормаллаштириш бўйича қабул қилинган икки томонлама ташаббуслардан энг муҳимларидан биридир", деб айтди Говда.

Вазирнинг айтишича, "бош вазир Нарендра Моди бошчилигидаги ҳукумат мамлакатда хавфсизликни қўллаб-қувватлашни ўзининг асосий вазифаси деб ҳисоблайди ва Ҳиндистоннинг барча қўшни давлатлар билан, хоҳ Хитой, Покистон ёки Бангладеш бўлсин, чегараларини жиҳозлашга мўлжал олган". 

Ҳиндистон ва Бангладеш ўртасидаги чегара 4 минг км дан кўпроқни ташкил қилади, унга Ғарбий Бенгалия, Ассам, Мегхалая, Трипура ва Мизорам штатлари туташган.

2015 йил май ойида Ҳиндистон парламенти мамлакат конституциясига тегишли тузатишни маъқуллади, Бангладеш билан қуруқликдаги чегара ҳақидаги икки томонлама келишувни қабул қилди. Ҳужжатга кўра, қўшни давлатлар чегаранинг 6,1 км ни демаркация қиладилар ва ҳудудлар билан алмашадилар. Хиндистон Бангладешга умумий майдони 70 квадрат километрлик 111 та анклавни, Бангладеш эса Ҳиндистонга 28 квадрат километрлик 51 та анклавни топширади.

Ҳиндистон Бангладешдан жангариларнинг кўчиб юриши, контрабанда ва ноқонуний миграцияни тўхтатиш учун чегара тўсиқларини қуришни молиялаштирди.