Буюк Британия бош вазири Дэвид Кэмерон афсонавий боксчи Муҳаммад Алини нафақат рингда, балки ундан ташқарида ҳам чемпион бўлганлигини айтди. Бу ҳақида Британия ҳукумати раҳбари ўзининг Твиттердаги саҳифасида ёзиб қолдирди.

"Муҳаммад Али рингдагина чемпион бўлмаган - у фуқаролик ҳуқуқи соҳасида ҳам чемпион бўлган ва кўп инсонлар учун ибрат намунасини ўтаган", - деб ёзди Кэмерон.

Али 4 июнь шанба куни Аризона штатидаги Финикс шаҳри яқинидаги шифохонада ҳаётдан кўз юмди. У бу ерга бир неча кун аввал ўпка соҳасидаги муаммолар туфайли келтирилган эди. 

Ўзининг профессионал карьераси  давомида Муҳаммад Али 61та жанг ўтказиб, улардан 56тасида ғалаба қозонган ва 5 маротабагина мағлуб бўлган. Шуниси диққатга сазоворки, боксчи 61та жангда 37та нокаут ҳолатини қайд этган. Унинг номи профессионал бокс рамзига айланган эди, у ўйлаб топган "қўллар ишламоқда, кўзлар кўрмоқда; капалак каби ҳаракат қил ва ари каби чақ" тактик схемаси эса ҳозиргача бокс спорт турида қўлланиб келинади. Шунингдек у 1960 йилги олимпия чемпиони ҳамдир. 1999 йилда Муҳаммад Али "Аср спортчиси" деб тан олинган.