АҚШ ҳарбий-денгиз кучларининг USS Porter (DDG 78) ракета ташувчи кемаси (эсминец) 6 июнь куни Қора денгизга киради. Бу ҳақда АҚШ Ҳарбий-денгиз флоти сайтида хабар берилган.

Хабарда айтилишича, эсминец Қора денгиз ҳудудида "тинчлик ва барқарорликни сақлашга кўмак бериш мақсадида" фаолият олиб боради.

"АҚШ ҳарбий-денгиз кучларининг мазкур Porter номли кемаси Atlantic Resolve операцияси доирасидаги вазифаларни бажаради. Қўшма штатлар НАТО аъзолари бўлган иттифоқчиларнинг ҳамда Европадаги ҳамкорларнинг хавфсизлигини таъминлашда ўз кўмагини кўрсатишда давом этади", дейилган флот сайти хабарида.

2015 йилнинг декабрида АҚШнинг USS Ross ракета ташувчи кемаси ва Украина ҳарбий-денгиз кучларининг «Гетман Сагайдичний» фрегати Қора денгизда машғулотлар ўтказган эди.

1936 йилнинг 21 июлида Собиқ Иттифоқ, Туркия, Буюк Британия, Франция, Болгария, Руминия, Греция, Югославия, Австралия ва  Япония каби бир қатор давлатлар томонидан имзоланган Монтрё конвенциясига кўра, Босфор ва Дарданелл бўғозларидан барча кемаларнинг эркин ўтиши кафолатланган. Қора денгизи атрофида жойлашмаган давлатлар кемалари денгиз ҳудудида бўлиши муддати 21 кун этиб белгиланган.