Аргентина терма жамоаси ҳужумчиси Лионель Месси жароҳат туфайли Америка Кубогининг гуруҳ босқичида Чилига қарши ўтказиладиган биринчи ўйинда иштирок эта олмайди.

У май ойи охирида Ҳондурасга қарши ўртоқлик учрашувида олган жароҳати бунга сабаб бўлади. Gulf News нашри хабарига кўра, футболчи 4 июнь куни терма жамоа футболчиларидан алоҳида ҳолда машғулот ўтаган. Унинг 7 июнь куни Чилига қарши ўйинда майдонга тушиши катта сўроқ остида.

Шунингдек, «Барселона»нинг яна бир ҳужумчиси, уругвайлик Луис Суарес жароҳат туфайли терма жамоасининг Мексикага қарши биринчи ўйинида ёрдам бера олмайди. У Испания Кубоги финалида «Севилья»га қарши ўйинда жароҳатланганди. Унинг тикланиши учун 3 ҳафта вақт талаб этилиши айтилганди. У яна 1 ҳафтада ўйинларга тайёр бўлади. 

АҚШда ташкил этилган Америка Кубоги ўйинлари 26 июнга қадар давом этади. Турнирнинг 100 йиллиги муносабати ташкил қилинган махсус турнир илк марта Жанубий Америка қитъасидан ташқарида ўтмоқда.