Австралияда акула ҳужумига учраган дайвер аёл олинган жароҳатлар туфайли жон берди. Бу ҳақда 5 июнь куни The Huffington Post нашри хабар қилди.

Манбанинг ёзишича, Миндари шаҳри соҳилида (Перт шаҳридан 30 км масофада) 60 ёшли аёлни жароҳатланган ҳолда топиб олишган. У кўп вақт ўтмай жон берган.

Айни вақтда ҳукумат соҳил атрофини ёпиб қўйишга қарор қилган. Гувоҳлардан бири соҳил яқинида ўз қайиғи узунлигидаги (5,3 м) акулани учратгани ҳақида айтган.

Ўтган ҳафтанинг сешанба куни ҳам Австралияда, Перт шаҳри яқинидаги соҳилда 29 ёшли сёрфингчи Бен Герринг акула ҳужумига дуч келган ва оғир тан жароҳатлари билан шифохонага етказилгач, вафот этганди.

Маҳаллий балиқчилар бу сёрфингчига ҳужум қилгани тахмин қилинган 4,2 метр узунликдаги акулани тутишган.