Баҳрайн соҳил бўйи хизмати денгиз орқали Эронга ўтиб кетмоқчи бўлган 8 кишини қўлга олди. РИА Новости нашрининг Баҳрайн ИИВга асосланиб хабар қилишича, бу шахслар қиролликда терроризмга алоқадорликда гумонланиб қидирувда бўлган.

Соҳил хизмати ходимлари шанба куни кечқурун Баҳрайн шимолида ноқонуний ҳаракатланишда бўлган кичик кемани тўхтатган. Ундаги 8 йўловчидан ташқари, капитан ва ёрдамчиси ҳам қўлга олинган.

Баҳрайн ИИВнинг ҳисоблашича, қўлга олинганлардан бири террорчилик билан шуғуллангани учун сиртдан умрбод қамоқ жазосига ҳукм қилинганди.

Баҳрайнда мухолифатдаги шиа гуруҳлари аъзолари террорчилар сифатида қабул қилинади. Бундай гуруҳлар ҳуқуқ тартибот органлари ходимларига ҳужумлар уюштиришда айбланади.