ФИФА президенти Йозеф Блаттер баёнот бериб, унга берилган барча пуллар асосли равишда тўланганини таъкидлади

«Барча бонуслар ҳақли ва адолатли равишда тўланган. Бу ҳақда аввалроқ адвокатим Ричард Каллен ҳам айтганди», — деди Блаттер ОАВга берган интервьюсида.

«Жаноб Блаттер олган тўловлар қонун доирасида ва адолатли бўлгани ҳақидаги ҳужжатларни ФИФАга тақдим қилишга тайёрмиз. Уларнинг миқдори дунёнинг энг йирик спорт лига раҳбарлари оладиган тўловлар даражасида бўлган» - деганди Блаттернинг адвокати.

Аввалроқ, ФИФА раҳбарлари — Блаттер, ташкилот собиқ бош котиби Жером Вальке ва собиқ молиявий ишлар бўйича директор Маркус Каттнерга 5 йил давомида 80 млн доллар миқдорида бонуслар берилгани аниқланганди.

Йозеф Блаттер ЖЧ-2014 ва ЖЧ-2018 учун бонуслар кўринишида 38 миллион 380 минг доллар, Жером Вальке – 40 миллион 198 минг доллар (11,1 миллион доллари – ЖЧ-2018 учун), Маркус Каттнер – 11 миллион 842 минг доллар (4,5 миллион доллар – ЖЧ-2018 учун) олган.