Англиянинг Mail on Sunday нашри Евро-2016 турнири иштирокчилари бўлган мамлакатлар орасида футболнинг қанчалик оммавийлигини аниқлаш бўйича изланиш ўтказди.

Тадқиқотларда стадионларга кирган томошабинларнинг сонини мамлакат аҳолиси сонига нисбати ўрганиб чиқилди.

Изланишлар якунига кўра, бу кўрсаткич бўйича Исландия яққол пешқадамликни қўлга киритди. Бу мамлакатнинг 7,5 фоиз аҳолиси футбол ўйинларига доимий равишда кириб туриши аниқланди (аҳоли сони - 329 минг киши, футболга кирувчилар миқдори - 24684 мухлис).

Биринчи бешликдан Англия, Швеция, Бельгия ва Португалия мамлакатлари ўрин олган, охирги ўринни Россия эгаллаган. Россиянинг фақатгина 0,2 фоиз аҳолиси футболга мунтазам равишда кириб туриши аниқланди (144 миллиондан 286782 киши).

Россия билан бир қаторда Венгрия, Руминия, Украина ва Туркияда ҳам футбол ўйинларига ташриф буюриш паст даражада экани аниқланди.

Қайд этилишича, Россия мухлислар сони бўйича Англия, Германия, Италия, Франция ва Испаниядан кейинги олтинчи ўринни эгаллади.

Тўлиқ жадвални қуйидаги ҳаволадан билиб олиш мумкин.