Жейми Варди ўзининг собиқ жамоаси «Флитвуд Таун»га яхшигина маблағ келтириши мумкин. Унинг «Лестер»дан «Арсенал»га ўтиши учун тўланадиган маблағнинг бир қисми шу жамоа ғазнасига келиб тушади.

Вардининг шартномасида у «Лестер»дан кетадиган бўлса, трансфер суммасининг 25 фоизи унинг аввалги жамоаси «Флитвуд Таун»га ўтиши ҳақида банд мавжуд.

Шу тариқа, айни вақтда учинчи дивизион вакили бўлган жамоа яқин вақт ичида тузиладиган трансфер шартномаси орқали 5 миллион фунтдан ортиқ маблағ ишлаб олади.

Бундан олдинроқ, «Арсенал» Вардини  20–22 миллион фунт эвазига трансфер қилиши ҳақида хабарлар берилганди.