Хитой яна бир марта Жанубий Кореяда АҚШнинг THAAD (Terminal High Altitude Area Defense) ракетага қарши мудофаа тизими жойлаштирилишига қарши чиқди. Хитойликлар бу қадам минтақадаги барқарорликка раҳна солишидан ташвишда.

АҚШ ва Жанубий Корея шу йилнинг март ойида КХДР сунъий йўлдошли ракета учирганига жавобан ярим орол ҳудудида  вақтинча қўшимча ракетага қарши ҳимоя батареясини жойлаштирганди. Шу билан биргаликда ҳудудда ракетага қарши ҳимоя тизими жойлаштирилиши юзасидан расмий музокаралар бошланганди.

Хитой эса THAAD жойлаштирилиши режаси ўз хавфсизлигига таҳдид эканини таъкидлаб келмоқда.

"Хитой америкаликларнинг THAAD тизими Жанубий Кореяда бўлишини минтақадаги барқарор вазиятни бузувчи омил сифатида ҳисоблайди", дейди ХХР Мудофаа вазирлиги таркибидаги Марказий ҳарбий кенгаш бирлашмаси штаби раҳбари ўринбосари адмирал Сунь Цзяньго Сингапурдаги хавфсизлик масалаларига бағишланган "Шангри-Ла диалог" конференцияси вақтида.

Унинг айтишича, барча минтақадаги барча мамлакатлар бу режага эътирозини билдириши керак. У Осиё-Тинч океани минтақасидаги барча мамлакатлар совуқ уруш хусусиятларини ифодаловчи бу ҳаракатларга қарши чиқиб, диалоглар воситасида ўзаро алоқаларни мустаҳкамлаши кераклигини таъкидлаган.

Сунь Цзяньго Жанубий Хитой денгизидаги вазият юзасидан гапирар экан Хитой Филиппин арбитражи фаолиятини халқаро ҳуқуқ нормаларига мос эмаслигини билдирган.

Хитой ва минтақадаги бир қатор мамлакатлар, жумладан Япония, Вьетнам, Филиппин Жанубий Хитой денгизи ва Шарқий Хитой денгизидаги чегаралар борасида келиша олмай келади. Хитой Филиппин ва Вьетнам АҚШ томонидан минтақадаги вазиятни чигаллаштириш учун қўллаб-қувватланишини иддао қилади.