Америкалик афсонавий боксчи, инсон ҳуқуқлари курашчиси, оғир вазн тоифасида уч карра жаҳон чемпиони Муҳаммад Алининг яқинлари у септик шок туфайли вафот этгани ҳақида маълум қилишди. Бокс афсонаси 3 июнь куни Финикс шаҳридаги шифохоналардан бирида 74 ёшида вафот этганди.

Алининг қизларидан бири Ҳана Али марҳумнинг юраги бошқа барча тана аъзолари фаолиятдан тўхтаганидан кейин ҳам 30 дақиқа давомида уриб тургани ҳақида маълумот берган.

«Унинг барча органлари ишлашдан тўхтади. Лекин юраги уришда давом этди. 30 дақиқа давомида… унинг юраги ҳаёт учун курашни давом эттирди. Ҳеч ким ҳеч қачон бундай ҳодисани кўрмаган. Руҳ ва ироданинг ҳақиқий намунаси», – дея ёзган Ҳана твиттeрига.

У нафас олишга қийналаётгани сабабли шифохонага етказилган ва у ерда бир неча кун ўтказган эди.

Кассиус Клей номи билан ҳам танилган марҳум боксчи 1984 йилдан буён Паркинсон хасталигидан азият чекиб келарди.

У 10 июнь куни Кентукки штатида, она шаҳри Луисвиллга дафн этилади.

Муҳаммад Али профессионал фаолияти давомида 61 та жанг ўтказиб, 56 тасида (шулардан 37 тасида нокаут билан) ғалаба қозониб, 5 тасида мағлубиятга учраган. У 1960 йилги Олимпиада чемпиони бўлган. 1964-1966 ва 1974-1978 йиллар мобайнида оғир вазнда мутлақ жаҳон чемпиони бўлган. 5 марта  «Йил боксчиси» бўлган, шунингдек, «Ўн йилликнинг энг зўр боксчиси» деб топилган. 1999 йилда Али «Асрнинг энг яхши спортчиси» деб тан олинганди.