Ноқонуний балиқ овлашга қарши биринчи мажбурий халқаро битим якшанба куни кучга кирди, деб хабар беради БМТнинг озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги бўйича ташкилоти (FAO). 

Ноқонуний, хабар қилинмаган ва тартибга солинмаган балиқчилик билан шуғулланиш олдини олиш, тўхтатиш ҳамда огоҳлантириш бўйича чора-тадбирлар тўғрисидаги шартнома 2009 йилда узоқ йиллар давом этган дипломатик саъй-ҳаракатлардан сўнг FAO томонидан қабул қилинган. Бироқ унинг кучга кириши учун энг камида 25та мамлакат бу битимни имзолаши керак эди. Бу натижа ўтган ойда амалга ошди. 

FAO пресс-релизида қайд этилишича, ҳужжатга қуйидаги давлатлар имзо қўйишган: Австралия, Барбадос, Вануату, Габон, Гайана, Гвинея, Доминика, ЕИ (аъзо ташкилот сифатида), Исландия, Коста-Рика, Куба, Маврикий, Мозамбик, Мьянма, Янги Зеландия, Норвегия, Уммон, Палау, Корея Республикаси, Сейшель ороллари, Сент-Китс ва Невис, АҚШ, Сомали, Судан, Таиланд, Тонга, Уругвай, Чили, Шри-Ланка ва Жанубий Африка Республикаси.

Мамлакатда ноқонуний балиқчиликка қарши курашиш мақсадида битим имзолаган ҳар бир мамлакат ўзининг назорати остида бўлган портларда қатор чора-тадбирларни амалга ошириш керак бўлади. Бундай чора-тадбирлардан бири портга киришни истаган чет эллик балиқ овловчилар ўз фаолияти ҳамда балиқ ҳақидаги  маълумотларни тақдим этишини талаб қилишдир. Текширувлар ўтказиш учун махсус жиҳозланган портлардагина кемаларнинг киришига рухсат бериш мумкин бўлади.