Чеченистон раҳбари Рамзон Қодиров спорт афсонаси, боксчи Муҳаммад Алининг ўлимига ўз муносабатини билдирди. Қодировнинг айтишича, айнан боксчининг ютуқлари сабабли у бу спортга қизиқиб қолган. Қодиров Instagram’даги саҳифасида ёзишича, у Алининг хотирасини абадийлаштиришга қарор қилди.

"Муҳаммад Али туфайли мен боксчи бўлганман, минглаб болалар учун бокс билан шуғулланиш учун шароитлар яратиб берганман. Бугун мен Муҳаммад Али хотирасини абадийлаштиришга қарор қилдим. Мен унинг номидаги бокс залини қурдираман ва Грознийдаги кўчалардан бири унинг номи билан аталади", деб ёзди Қодиров.

Рамзон Қодиров боксчининг спортчилик фаолияти билан боғлиқ бўлмаган хизматларида ҳам тўхталиб ўтди.

"Америкада ирқий таҳқирлаш авж олаётган вақтда у Вьетнамдаги урушни қоралаб ва у ерда ваҳшийлик содир этаётган армияда хизмат қилишдан бош тортиб, ҳукуматга қарши боришдан қўрқмади. У сайёрамизнинг энг доно одами эди", деб таъкидлаб ўтди Қодиров.

Муҳаммад Али 4 июнда эрталаб Финикс шаҳридаги шифохонада вафот этди. У бир кун аввал нафас олишдаги муаммолар сабабли шифохонага ётқазилганди. Али ўзининг она шаҳри – Кентукки штатидаги Луисвиллда дафн этиладиган бўлди.