Швейцарияда фуқаролар учун 2500 Швейцария франки (2500 доллар) қийматида шубҳасиз таянч даромад киритишни рад этилди, бироқ миграция сиёсатидаги ўзгаришлар қўллаб-қувватланди. Бундан 5 июнда мамлакатда бўлиб ўтаётган умумхалқ референдумининг дастлабки натижалари гувоҳлик бермоқда.

Референдум иштирокчилари битта саволга жавоб бериши лозим эди: ҳар бир фуқаро, ишлаш-ишламаслигидан қатъи назар, давлатдан ойига 2500 Швейцария франки (2260 евро ёки 2530 доллар) олиши керакми? Бу сумма ҳар бир Швейцария фуқаросига, у қаерда яшашидан қатъи назар, умрбод тўлаб борилиши кўзда тутилган. 18 га тўлмаган фуқароларга 625 франкдан тўлаб борилиши айтилганди.

Ғоя муаллифларининг фикрича, бу одамларга ўз ижодий салоҳиятини очишга кўмак бериши керак эди.  Шунингдек, бу ижтимоий нафақа учун курашларни тўхтатиши ва умуман кўплаб муаммоларни ҳал қилишга кўмак беришини таъкидлаб ўтилганди. Ташаббус танқидчилари, ўз навбатида, бу одамларни бекорчиликка ундайди, деган фикрда собит қолишган.

Ҳукуматнинг ҳисоб-китобларига кўра, бу режани амалга ошириш учун 25 миллион франк талаб этилади, бу эса бюджетнинг бошқа бандлари қисқаришига олиб келади. Бундан ташқари, бундай ташаббусни жорий этишга камида 10 йил вақт талаб этилади.

Швейцария фуқаролари учун таянч даромад киритиш ғояси фақатгина уч кантон – Фрибург, Шаффхаузен ва Золотурнда аҳолининг 20 фоиздан кўпроғи томонидан қўллаб-қувватланди. Юра кантонида ушбу ташаббус учун рекорд даражадаги 35,8 фоиз овоз берувчилар овоз берди. Қолган кантонларда бу ғояга 20 фоиздан камроқ аҳоли овоз берди. Экспертларнинг таъкидлашича, бундай ҳолат овоз бериш тугагандан кейин ўзгариши даргумон. Шу тариқа кўпчилик овоз билан таянч даромад киритиш таклифи рад этилади.

Шу билан бирга, Швейцария миграция сиёсатига ўзгаришлар киритишни қўллаб-қувватлади. Бу ўзгаришлар бошпанага муҳтожларнинг сўровларини қайта ишлаш жараёнини модификациялаш ҳамда улар рад жавобини олса, ўз ватанига қайтишини тезлаштириш билан боғлиқ. Овоз бериш натижаларига кўра, 17 кантонда бу ғоя 60 фоиздан кўпроқ аҳоли томонидан маъқулланган.

Овоз беришга қўйилган яна иккита ташаббус – "Жамоатчилик фаровонлиги учун" ва автомобиль солиқларини адолатлироқ қайта тақсимлаш швейцарияликлар томонидан рад этилади.