Туркия қуролли кучлари чегараолди ҳудудидаги хавфсизлик воситаларини мини-дирижабллар деб аталувчи учувчисиз кузатиш тизимлари ёрдамида модернизация қилишни режалаштирмоқда. Бу ҳақда Hurriyet Daily News хабар бермоқда

Тизим Туркиянинг етакчи мудофаа корхонаси ASELSAN томонидан яратилган. У маҳаллий кузатув ва хавфсизлик ҳақида тезкорлик билан хабардор қилиш учун мўлжалланган. 

Маълум қилинишича, видеокузатув тизими реал вақт режимида 360 градуслик кўриш бурчаги билан тасвирларни узатишга қодир. Маълумотлар бошқарув станциясига жўнатилади. Огоҳлантириш тизими кундузги ва тунги камералар билан жиҳозланган. Бундан ташқари, у енгил қуролли ҳужумлар ва кучли шамолларга бардош бера олади. 

Тизим икки вариантда тақдим қилинган. Сув томчиси шаклини эслатувчи модель ёки дирижабл 16 метр узунликка эга ва 1000 метр баландликка кўтарила олади. Сферасимон модель эса 500 метргача баландликда тура олиши мумкин.

Туркия армияси мини-дирижаблларни чегараолди ҳудудларида синовдан ўтказишни бошлаб юборган. Айни вақтда тизимдан 400 соат атрофида фойдаланилган.