Туркия ҳукумати Эгей денгизига, Кушадаси курорти қирғоқлари яқинига Airbus A300 самолётини чўктиришга қарор қилди. Бу орқали курортда дайвингни ривожлантириш ва сайёҳлар оқимини ошириш кўзда тутилган.

54 метр узунликдаги, эни қанотлари билан 44 метрни ташкил қиладиган самолёт мамлакатдаги энг йирик сунъий риф бўлди. Daily Sabah маълумотига кўра, уни 93 минг доллар эвазига харид қилишган.

"Биз бу лойиҳа орқали ҳар йили курортга 250 минг сайёҳ келишига эришишни режалаштирганмиз. Бу лойиҳа орқали Кушадаси ёзги мавсумни зарарсиз якунлаши мумкин", дейди шаҳар мэри Ойдин Ўздем Черчиўғли.

Қайд этилишича, А300 самолётини сайёҳлар эътиборини тортиш мақсадида аввал ҳам сувга жойлаштиришган. Кичикроқ самолётлар Анталья вилоятининг Каш ва Кемер курортлари яқинида сувга ғақр қилинганди.

Туркия Маданият ва туризм вазирлиги маълумотига кўра, апрель ойида мамлакатга 1,75 млн хорижлик сайёҳ ташриф буюрган. Бу эса ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 28 фоизга кам. Россиядан келувчи сайёҳлар оқими кескин камайган - 79 фоиз (150 минг нафардан 31 минггача). Бунга Сурия осмонида Россия самолёти туркиялик учувчи томонидан уриб туширилиши сабаб бўлган. Шунингдек, Туркиядаги терактлар туфайли Европадан сайёҳлар келиши камайган.