Туркманистон президенти Гурбангули Бердимухамедов мамлакат аҳолиси учун ижтимоий имтиёзларнинг секин-аста бекор қилиниши кераклигини айтди, чунки бу имтиёзлар бозор ислоҳотларини ўтказишга халақит беради, деб хабар бермоқда маҳаллий ОАВ.

Туркманистон президенти мамлакатнинг жорий йилнинг 5 ойи давомидаги ижтимоий-иқтисодий якунларига бағишланган ҳукумат йиғилишидаги нутқида мамлакат мустақиллигининг биринчи йилларида қабул қилинган ҳамда аҳоли турмушини енгиллаштириш ва фуқароларга кўплаб имтиёзлар берган қонунларни секин-аста ўзгартириш кераклигини айтди.

"Бугунги кунда халқнинг турмуш тарзи жуда юқори ва бу имтиёзлар бозор иқтисодиётига ўтишда мушкуллик туғдиради", деб айтди Бердимухамедов.

Туркманистон президенти қандай имтиёзлар ва қандай муддат ичида ўзгаришига аниқлик киритмади.

Туркманистонда энг машҳур ижтимоий имтиёзлар аҳолига электр энергия, табиий газ, сув ва ош тузидан бепул фойдаланишга лимитлар тақдим қилингани ҳисобланади.