«Лестер» ҳужумчиси Жейми Вардининг рафиқаси Ребека ўз эрининг «Арсенал»га ўтаётгани ҳақидаги хабарлардан кейин дарғазаб бўлган жамоа мухлисларига мурожаат қилди.

«Билиб қўйинг, «Лестер» мухлислари, мени ҳақорат қилмаслигингиз керак. Мен эримнинг қарорига алоқадор эмасман. Мени бунда айблашингиз адолатдан эмас», – деб ёзган Ребека Варди ўз твиттерида.

Бундан олдинроқ, «Арсенал» Вардини 20 миллион фунт эвазига трансфер қилишга киришгани ҳақида хабар берилди. Футболчи лондонликлар жамоаси сафига ўтаётгани ҳақидаги хабарни «тулкилар» мураббийи Клаудио Раньери ҳам тасдиқлади.

29 ёшли футболчи бугун лондонликлар жамоаси базасида тиббий кўрикдан ўтади.

«Арсенал» Вардининг трансферини Евро-2016 мусобақасигача амалга оширишга шошилмоқда. Футболчи душанба куни Англия терма жамоаси билан Францияга жўнаб кетади.