Минглаб венесуэлаликлар президент Николас Мадурони қўллаб-қувватлаган ҳолда намойишга чиқишди. Улар хорижликларни Венесуэла ички ишларига аралашишда айблашган.

"Бу шуни кўрсатадики, халқ фақат тинчликни истайди ва қандайдир хорижликлар мамлакатдаги демократик тизимга халақит беришига йўл қўймайди. Венесуэлада демократия Конституция билан мустаҳкамлаб қўйилган", дея Венесуэла социалистик бирлик партияси аъзоси бўлган депутат Элиас Хауанинг сўзларини келтиради ТАСС агентлиги.

Норозилик намойишлари Ансоатеги, Баринас, Карабобо, Португеса, Сулия, Тачира ва Фалькон штатларида бўлиб ўтган.

Намойишчилар Венесуэла билан муносабатларда Америка давлатлари ташкилотининг Америка давлатлари демократик хартиясининг бир қатор моддалари қўлланишига қарши чиқишмоқда. Бу моддаларга кўра, "конституция орқали демократияга зарар келтирувчи ўзгаришлар киритилгани" учун бундай мамлакат ташкилот аъзолигидан чиқарилади.