АҚШнинг Миллий жамоатчилик радиоси (NPR) журналисти Дэвид Жилки Афғонистоннинг Гильменд вилоятида отишма вақтида ҳалок бўлди. Бу ҳақда ташкилот сайтида маълум қилинди.

Таъкидланишича, Жилки билан бирга радионинг афғонистонлик таржимони Забиҳулла Таманно ҳам ҳалок бўлган.

Ташкилот маълумотларига кўра, журналистлар ўққа тутилганларида вилоят бўйлаб ҳарбийлар билан ҳаракатланаётган бўлганлар. Ҳозирча журналистлар ва ҳарбийларни ким ўққа тутгани ҳақида маълумот йўқ.

Жилки дунёдаги энг маҳоратли фотожурналистлардан бири ҳисобланарди. У ўз фаолияти давомида Афғонистон, Ироқ ва Ғазо секторидаги ҳарбий ҳаракатлар вақтида ишлаган.