Япония ҳукумати, 2017 молия йилидан бошлаб, мобиль алоқанинг янги авлоди 5G тармоғини барпо этишга қарор қилди. У ҳозирги мавжуд мобиль алоқалардан 100 марта тезроқ бўлиши айтилмоқда. Ушбу тизим умуммиллий миқёсда 2020 йилдан ишлай бошлайди, деб хабар қилган "Иомиури" газетаси.

Бугунги кунда Японияда мавжуд мобиль алоқа тармоғи 3.9 авлодига тегишли бўлиб, у келаси йилдан 4G тизимига алмаштирилади. Умуман янги, бешинчи авлод тармоғи эса, сониясига 10гигабит ахборот олиш ва жўнатиш имконини беради. Бу, ҳозирги кунда мавжуд энг замонавий тизимлардан 100 баробар тез деганидир. Мисол учун, ҳозирда икки соатлик фильмни 5 дақиқа атрофида юклаб олиш мумкин бўлса, 5G тизимли қурилма бунинг учун атиги бир неча сония сарфлайди, холос. 

Шу билан бирга, 1 квадрат метр майдонга миллионлаб мижозларни алоқа сифати ўзгаришидан хавотирланмай улаш мумкин бўлади. 

Соатига 300 км тезликда ҳаракатланаётган поездда ҳам алоқа сифати юқорилиги сақланиб қолади. Бундан ташқари, у масофадан туриб жарроҳлик амалиёти ўтказишда ҳам қўл келади. 

Шунингдек, 5G қурилмалари машиналарга ўрнатилса, ЙТҲ ҳамда тирбандликларнинг олдини олиш имконияти кенгаяди. Шу боис, Япония ҳукумати, янги авлод алоқа тармоғини ишлаб чиқиш жараёнига автомобилсозлик ва киносаноати вакилларини ҳам жалб этишни режалаштирмоқда.