Бельгиянинг Эрмалль-Су-Уи шаҳри яқинида йўловчи ва юк поездлари ўзаро тўқнашиб кетди. Le Soir нашрининг хабар беришича, шаҳар маъмурияти ҳалокат натижасида уч нафар киши ҳалок бўлгани ҳақида маълум қилган. Жабрланганлар сони 40 нафар кишига етган.

Нашр манбаси тўқнашувни “жуда қаттиқ” дея баҳолаган. Қурбонлар сони расмий тасдиқланмаган. «Бу рақамлар ўзгариб туриши мумкин», — деган у.

Темир йўл фожиаси якшанба тунда, Льеж провинциясидаги икки шаҳар кесишмасида юз берган. Аварияга нима сабаб бўлганлиги аниқ айтилмаган.