Ourmine хакерлар гуруҳи Facebook асосчиси Марк Цукербергнинг Instagram, Twitter, LinkedIn ва Pinterestдаги саҳифаларини бузганини зиммасига олар экан, Марк «dadada» паролидан фойдаланганини эълон қилди, деб ёзмоқда Mashable.

Агар, бузғунчилар рост гапираётган бўлса, энг йирик интернет-корпорацияларидан бирининг етакчиси 2012 йил меъёри билан ўлчанганда ҳам жуда заиф парол танлаган ҳисобланади. 

Нашрнинг қайд этишича, Цукерберг билан юз берган воқеа, кўпчилик учун ўзига хос намунадир. Агар сиз, интернетдаги аккаунтларингиз бузилишини хоҳласангиз, Марк каби заиф паролдан бир неча саҳифаларда бирдек фойдаланиб, уни бир неча йил давомида ўзгартирмасангиз кифоя қилади. 

Ҳозирча, Facebook компанияси бу хабарни изоҳлаганича йўқ. 

Бундан аввалроқ, Цукерберг саҳифалари бузилиши, унинг LinkedInдаги шахсий маълумотлари ўғирлангани боис, юз бергани мумкинлигини айтишган эди.