Россия бош вазири Дмитрий Медведев Қирғизистонга 6-7 июнь кунлари Қирғизистон ҳукумати таклифи билан расмий сафар уюштиради, деб хабар бермоқда "Интерфакс" ахборот агентлиги.   

Таъкидланишича, 6 июнда Бишкекда Медведевнинг Қирғизистон президенти Алмазбек Атамбаев ва бош вазир Сооронбой Жээнбеков билан музокаралари бўлиб ўтади.

Музокаралар давомида савдо-иқтисодий, инвестицион, энергетик, илмий-техник ва гуманитар соҳаларда икки томонлама ҳамкорликни чуқурлаштириш масалалари, Евросиё иқтисодий иттифоқи доирасида ўзаро ҳаракатлар истиқболларини муҳокама қилиш кўзда тутилмоқда.

Бундан ташқари, бир қатор ҳукуматлараро ва вазирликлараро ҳужжатларни, жумладан ҳукуматлар ўртасида нефть ва нефть маҳсулотларини етказиш соҳасида ҳамкорлик келишуви имзоланади.

7 июнда Медведев Бишкекдаги МДҲ давлатлари бош вазирлари кенгаши йиғилишида иштирок этади.