Туркия президенти Ражаб Тойиб Эрдўған Германиянинг арманилар геноцидини тан олганига жавобан яна бир бор танқидий чиқиш қилди. Бу ҳақда Daily Sabah хабар тарқатди.

"Германия! Яна бир қайтараман - сиз немислар 100 мингдан ортиқ намибияликни қириб юборганингиз ҳақида ҳисоб беришингиз керак", деган у Истанбулдаги Сабҳаттин Заим университетидаги чиқиши вақтида.

У шунингдек, холокост ҳақида эсалаб, ГФР "арманилар геноциди" ҳақида энг охири бўлиб тилга олиш кераклигини айтган.

"Бизнинг тарихимиз - қотилликлар тарихи эмас. Бизнинг тарих - раҳмдлиллик ва изтироблар тарихидир, бу билан биз Германиядан фарқлимиз", деган давлат раҳбари.

Намибия қирғини - 1904—1907 йилларда кайзер Германиясининг мустамлакачилик сиёсати доирасида Жануби-Ғарбий Африкада истиқомат қилиб келган гереро (банту) ва нам (готтентотлар) қабилаларининг исёнлари бостирилиши давомида аҳолининг 80 фоизи қириб ташланганидир. 2004 йили Германия бу фактни Намибиядаги геноцид сифатида тан олган.

Эслатиб ўтамиз, Германия парламенти 2 июнь куни арманилар геноцидини тан олиш бўйича «1915–1916 йилларда Усмонли салтанатида арманилар ва бошқа христиан озчиликларнинг геноциди хотирасига» деб аталган резолюцияни қабул қилди. Унга бундестагдаги 630 депутатдан 628 нафари овоз берди, бир киши қарши чиқиб, бир киши бетараф қолди.

Бу Туркия томонидан кескин қарши олинди. Анқара Берлиндаги элчисини чақириб олди.

Эрдўған бу қарор Германия билан муносабатларда акс этишини билдирди.

Туркия ТИВ бу резолюцияни "шармандали резолюция" деб атади.

Истанбулдаги Германия бош консулхонаси олдида норозилик намойишлари ўтказилди.

Маълумот учун, 1915 йилда Усмонийлар империясида, турли баҳоларга кўра, 600 мингдан 1,5 миллионгача армани ҳалок бўлган. Туркия юз минглаб инсонлар ҳалок бўлганини тан олади, аммо бунинг «геноцид» атамаси билан таърифланишига қарши чиқади.

Ўз навбатида, турк тарихчилари арманиларнинг қуролли гуруҳлари ўн минглаб мусулмонларни қирғин қилганини таъкидлаб келади.